Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Украинага тақдим қилинган F-16 қирувчи самолётлари НАТО давлатларидан бирига жойлаштирилишини тахмин қилди. Чунки Украинада аэродром инфратузилмаси вайрон бўлган.
Бу эса НАТО Украина можаросига “борган сари чуқурроқ кириб бораётганидан” ва Россия ҳамда НАТО ўртасидаги ҳарбий тўқнашув хавфи ортиб бораётганидан далолат беради, деди Захарова.
“НАТОга аъзо давлатлар Украинани жадал қуроллантиришда давом этмоқда. Эндиликда навбат тактик қирувчи самолётларни етказиб беришга келган. Аммо Украина аэродроми инфратузилмасининг муҳим қисми вайрон бўлганидан келиб чиқадиган бўлсак, қирувчи самолётллар мамлакатдан ташқарида — Польша, Словакия, Руминияда жойлаштирилиши мумкин. Шимолий Атлантика альянси Украина можаросига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. НАТО Украинани қутқариш шиори остида мамлакатимизга қарши гибрид уруш олиб бормоқда”, — деди Мария Захарова брифинг чоғида.
Россия ТИВ расмий вакилининг қайд этишича, Украина иттифоқчилари аллақачон Киевга ҳаво кемаларини ўтказадиган ва украиналик учувчиларни тайёрлайдиган алоҳида давлатлар коалициясини тузган. “Украина қуролли кучлари томонида можарода қатнашаётган қирувчи самолётлар, қаердан учишидан қатъи назар, Россия қуролли кучлари томонидан йўқ қилиниши учун қонуний нишонга айланади”, — деб таъкидлади Мария Захарова.
Август ойида Қўшма Штатлар F-16 самолётларини Дания ва Нидерландиядан Украинага жўнатишни маъқуллаган эди. Бу икки давлат АҚШ билан биргаликда украиналик учувчиларни тайёрламоқда. Улардан ташқари Норвегия ҳам самолётларни етказиб бериш ниятида.
Изоҳ (0)