Жиззах вилоятида бешта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 15 январь куни соат 06:50 ларда М-39 халқаро йўлида Самарқанд—Тошкент йўналишида ҳаркатланаётган Nexia машинаси Шароф Рашидов тумани ҳудудида музлама туфайли йўлнинг ҳаракатланиш қисмида тўхтаб қолган.
Шу пайтда у билан битта йўналишда келаётган Hоwо русумли юк машинаси Nexia’нинг орқа қисмидан урган. Оқибатда Nexia’да ёнғин келиб чиққан. Ёнғинни бартараф этиш учун ФВБ ўт ўчириш бўлинмаси етиб келган. Бўлинма вақтни тежаш мақсадида йўлнинг ушбу қисмда тўхтаган ва қарама-қарши томонида йўлнинг ҳаракатланиш қисмида тўхтаб ёнаётган машинадаги оловни ўчиришга уринган.
Шу пайтда ўз йўлидан ҳаракатланиб келаётган Nexia ва Nexia-3 ўт ўчириш машинасига келиб урилган.
Ҳодисада ҳеч ким оғир тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилояти Шаҳрихон туманида Cobalt машинаси ёниб кетгани, Андижонда йўл четида турган Nexia’да ёнғин чиққани, Қамчиқ довонида лак-бўёқ ортилган юк машинаси ёниб кетиши оқибатида бир неча киши жабрлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда Damas билан тўқнашган Captiva ёниб кетганди.
Изоҳ (0)