Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 20 декабрь куни йўловчи автобуси ёниб кетди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабар берди.
Келтирилишича, ушбу автобус 2008 йил ишлаб чиқарилган. Соат 20:00 да 5-автобус саройи тасарруфидаги Mercedes-Benz русумли 151-сонли автобус кимё институти биноси қаршисида ҳаракатланаётган вақтда юқори босимли ҳаво қувурининг ёрилиши натижасида қисқа туташув юзага келган. Ҳайдовчи томонидан тутунни ўчириш учун дастлабки чоралар кўрилишига қарамай, қисқа туташув алангага айланган.
Шундан сўнг воқеа жойига ФВВ ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин қисқа вақтда бартараф этилган. Мазкур ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуснинг двигатель қисмига зарар етган.
Ҳозирда “Тошшаҳартрансхизмат”нинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)