Яманнинг “Ансор Аллоҳ” (ҳусийлар) гуруҳи уларга зарбалар бергани учун АҚШ ва Буюк Британия “юқори товон” тўлашидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

“Мамлакатимиз Америка ва Британия кемалари, сувости кемалари ва ҳарбий самолётлари томонидан амалга оширилган йирик тажовузкор ҳужумга учради. Шубҳасиз, Америка ва Британия ушбу очиқ-ойдин агрессиянинг барча даҳшатли оқибатларини ўз зиммасига олишга ва юқори товон тўлашга тайёр бўлиши керак”, — деди “Ансор Аллоҳ” ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ҳусайн ал-Эззий.
Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳаво ҳужумлари оқибатида Яманда одамлар ҳалок бўлгани ва яраланганини маълум қилди.
“Рейдлар натижасида беш киши ҳалок бўлди, қуролли кучларимизнинг яна олти нафар аъзоси яраланди”, — дейди Яман армияси матбуот котиби Яҳё Сари.
У Яман қуролли кучлари Яман, унинг суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш учун қуруқликдаги ва денгиздаги таҳдид манбалари ва барча душман нишонларига зарба беришдан тортинмаслигини айтди. Шунингдек, ҳусийлар зарбалар Ғазо секторини қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилмаслигини билдирди.
“Биз Яманга қарши бу тажовузни мутлақо оқлаб бўлмаслигини тасдиқлаймиз, чунки Қизил ва Араб денгизларида халқаро юк ташиш учун ҳеч қандай таҳдид йўқ эди”, — деди ҳусийлар матбуот котиби Муҳаммад Абдулсалом.
Ўз навбатида, Яман ҳусийлари ўз назорати остидаги ҳудудларда мажбурий сафарбарлик эълон қилди.
“Бизнинг халқимиз кўплаб вилоятларда ҳарбий сафарбарлик тадбирларига ўтди, сафарбарлар сони эса минглаб”, — деди “Ансор Аллоҳ” ҳаракати етакчиси Абдел Малек ал-Ҳусий.
У ҳусийлар тарафдорларини қийин вазиятга қарамай, ҳарбий тайёргарлик ва намойишларни давом эттиришга, шунингдек, пул хайрия қилишга чақирди.
Изоҳ (0)