Самарқанд вилояти Жомбой туманида салкам 32 килограмм гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётган шахс ушланди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жомбой туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Эски Жомбой” маҳалласида яшовчи 41 ёшли А.А.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналарида тинтув ўтказилганда оғирлиги 31 килограмм 855 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси, 2 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ва 2 дона психотроп таблетка топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
ДХХ вилояти бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Самарқанд туманида яшовчи 33 ёшли Р.А. ҳамда 32 ёшли Б.М. 198 дона “Зардекс” психотроп дори воситасини маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)