Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет ташкилотлари ходимларининг декабрь ойидаги маоши кечикаётганига изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича UzASBO-2 тизимига ўтиш муносабати билан тизимда айрим муаммо ва узилишлар кузатилмоқда.
Бугунги кунда ушбу носозликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилган ҳамда UzASBO-2 тизими орқали бюджет ташкилотларининг декабрь ойи II ярми учун 35 фоиз бюджет ташкилотларининг иш ҳақлари молиялаштириб берилиши таъминланган.
“Иш ҳақини тўлаш жараёнида UzASBO-2 тизимининг бир маромда ишлаши учун мутахассислар томонидан мониторинг олиб борилмоқда ва иш ҳақини белгиланган муддатларда (5 иш кунида) молиялаштириб бериш юзасидан зарурий чоралар кўрилмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрда UzASBO дастурининг ишида олти кун давомида носозлик кузатилаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Ўшанда республика бўйича кўплаб операциялар тўхтаб қолган эди.
Изоҳ (0)