Қашқадарё вилоятида истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган машина тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан вилоят ЙҲҲБ ходимлари билан ҳамкорликда “Умакай” ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши—Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Cobalt тўхтатилиб кўздан кечирилган. Натижада фуқаро С.Ш. хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 225 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)