Silk Avia авиакомпаниясининг USA-751 рейси Термиз аэропортидаги ноқулай об-ҳаво шароити (чанг бўрони) туфайли Қарши аэродромига йўналтирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент—Термиз йўналиши бўйича парвоз қилган рейс экипажи Термиздаги ноқулай об-ҳаво шароити сабаб Қаршидаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган.
Самолёт Қарши аэропортига маҳаллий вақт билан соат 10:51 да қўнган. Ёқилғи тўлдирилганидан сўнг самолёт Термиз аэропортига учиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, 24 декабрь куни кучли чанг бўрони сабабли Бухоро аэропортида самолётларни қабул қилиш чекланганди. Шунингдек, Тошкент–Жидда йўналишидаги парвоз 7 соатдан кўпроққа кечиктирилгани, Фарғона водийсидаги об-ҳаво шароити туфайли қатор рейслар Тошкентга кўчирилгани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)