Ёқутистондаги Зирянка аэропортида Ан-24 йўловчи самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, музлаган Колима дарёсига қўнди, деб ёзмоқда Meduza.
Polar Airlines самолёти Якуцк—Зирянка—Среднеколимск йўналиши бўйича YAP217 рейсини амалга оширган эди. Самолёт бортида 30 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган.
“Якуцк вечерний” нашрининг ёзишича, учувчилар учиш-қўниш йўлагидан 200 метр ўтиб кетиб, дарё қирғоғига қўнган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Самолётга ҳам зарар етмаган. Йўловчилар аэропорт терминали ва меҳмонхонага жойлаштирилди.
Федерал ҳаво транспорти агентлиги ва транспорт прокуратураси ҳодиса юзасидан тергов ўтказишни буюрди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, авиация ҳодисасига экипажнинг самолётни бошқаришдаги хатоси сабаб бўлган”, — дейилади прокуратурада.
Изоҳ (0)