Марказий Осиё мамлакатларидаги дин арбоблари ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик учун муҳожирлар билан Россия ҳудудида ҳам, улар мамлакатга келишидан олдин ҳам фаолроқ иш олиб бориши керак, ҳозирча бундай алоқалар ўрнатилмаган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний ассамблеяси раҳбари, муфтий Албир Крганов маълум қилди, деб ёзмоқда “ТАСС”.
“Мигрантлар билан ишлашда уларнинг мамлакатлари фаолроқ бўлиши керак. Марказий Осиё давлатларида сайловлар бўлса, уларнинг диний етакчилари бу ерга келади – ҳар бир шаҳарда, ҳамма жойда муҳожирларни йиғиб, улар ўртасида ташвиқот ишларини олиб боради.
Майли, сайловлар ўтказилди, лекин, умуман олганда, муҳожирлар билан ишлаш борасида, нега ҳамма соҳани шундай ташкил қилмайсиз? Бу савол Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон муфтийларига қаратилган – бу ерда тизимли иш бўлиши керак, улар бу масаладан манфаатдор бўлиши керак, бу ишни ташкиллаштириши керак, чунки уларнинг фуқаролари шу ерда”, — деди Крганов Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси давра суҳбатида.
Унинг қўшимча қилишича, Россияга мигрантлар оқими кўп бўлган мамлакатлар элчихоналари ўз фуқаролари билан боғлиқ муаммоларга “кўпроқ эътибор” бериши лозим.
Акс ҳолда, муфтийнинг сўзларига кўра, Россиядаги ҳокимият ва хавфсизлик кучлари, шунингдек, маҳаллий мусулмон фуқаролар масъулиятни зиммасига олишга мажбур бўлади.
“Миллионлаб фуқароларини бу ерга жўнатадиган мамлакатлар қаерда? Афсуски, мен бу борада уч йилдан бери бирорта тизимли ишни кўрмаяпман”, — дея хулоса қилди Крганов.
Эслатиб ўтамиз, 20 декабрь куни Москва епархияси ассамблеясида сўзлаган Патриарх Кирилл Россиядаги муҳожирларнинг ҳаракатлари мамлакатдаги динлараро ва миллатлараро тинчликка тобора кўпроқ таҳдид солаётганини таъкидлаган. Рус православ черкови примати Россия жамиятига қўшилишни ва унинг анъаналарини ҳурмат қилишни истамайдиган хорижликларнинг жорий оқими давом этса, Россияни кўп миллатли давлат сифатида йўқотиш хавфи борлигидан хавотир билдирган.
Изоҳ (0)