Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўзининг илк китобини нашр этди. Бу ҳақда у 25 декабрь куни вилоятлар раҳбарлари ва бош вазирнинг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари иштирокидаги ишчи йиғилишда маълум қилди, деб ёзади “Orient.tm”.
Китоб “Ýаşlar — Watanyň dаýаnjy” (“Ёшлар — юрт таянчи”) деб номланиб, унда туркман ёшлари эришган ютуқ ва муваффақиятлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобнинг чоп этилиши 27 декабрь куни бўлиб ўтадиган “Бахтли ёшлар Аркадағ Сердар билан” йил якунларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазмага тўғри келди.
Сердар Бердимуҳамедов китобнинг биринчи нусхасини отаси, собиқ президент ва амалдаги Туркманистон Халқ Маслаҳатияси раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга юборди.
“Мен ушбу китобнинг биринчи нусхасини туркман халқининг миллий етакчиси Қаҳрамон Аркадағга совға сифатида юборяпман”, — дея президент сўзларини келтиради Turkmenportal.
Эслатиб ўтамиз, Гурбангули Бердимуҳамедов 16 йил давомида ўз номи билан турли мавзуларда 60 га яқин китоб чоп этган. Улар орасида тиббиёт, фалсафа, маданият, маънавият мавзуларига оид асарлар, Алабай итлари, Ахалтеке отлари, спорт ва Аркадағ аждодларига бағишланган бир қатор романлар бор.
Изоҳ (0)