Tesla компанияси АҚШ Миллий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (NHTSA) талабига кўра, икки миллиондан ортиқ электромобилни чақириб олади. Бунга автопилот — ҳайдовчига ёрдам тизимидаги муаммолар сабаб бўлмоқда, деб хабар берди CNN.
NHTSA талабидан олдин автопилот функцияси ёқилган пайтда содир бўлган бир қатор бахтсиз ҳодисалар бўйича икки йиллик текширув ўтказилганди, деб эслатди телеканал.
Текширув натижасида маълум бўлишича, баъзи автомобиль эгалари автопилот функциясидан нотўғри фойдаланишган, тизимнинг ўзида эса ундан нотўғри фойдаланишга йўл қўймаслик учун зарур чоралар бўлмаган.
Натижада Tesla ҳайдовчиларни рулда эҳтиёткор бўлишга ундовчи қўшимча бошқарув ва огоҳлантиришларни ўз ичига олган дастурий таъминотнинг янгиланган версиясини чиқаришни режалаштирмоқда, дейилади компания пресс-релизида.
Tesla аниқлик киритишича, АҚШ ва Канадада чақириб олинадиган электромобиллар эгаларидан дилерлик марказларига ташриф буюриш талаб этилмайди, янгиланган дастурий таъминот масофадан туриб ўрнатилади.
2023 йил бошида Tesla ўзининг 300 000 дан ортиқ Full Self-Driving ҳайдовчига ёрдам тизими билан жиҳозланган машиналарини чақириб олганди, чунки NHTSA тизим бахтсиз ҳодисалар хавфини оширади, деган хулосага келган.
Изоҳ (0)