Эроннинг Наркотикларга қарши кураш бошқармаси барча далиллар, статистик маълумотлар ва рақамлар Афғонистонда кўкнори етиштириш кўпайганидан далолат беришини маълум қилди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
Эрон Наркотикларга қарши кураш бошқармаси бош котиби Искандар Момений шундай баёнот берди. У “Толибон”нинг Афғонистонда кўкнори етиштиришни қисқартириш ҳақидаги даъвоси Теҳрон учун умуман қабул қилинмаслигини айтди.
“Мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришнинг ўсиши сезиларли даражада ошган, бу ҳам Эронни, ҳам дунёни жиддий ташвишга солмоқда. Наркотикларга қарши кураш бўйича мамлакат бош бошқармасининг стратегик сиёсати профилактикага асосланган”, — деди у.
Эрон Наркотикларга қарши кураш бошқармаси бош котиби аввалроқ “Толибон”нинг Афғонистонда наркотик ишлаб чиқаришни қисқартириш ҳақидаги даъвоси шунчаки шиор эканини ва амалда ҳеч нарса кўрмаганликларини айтганди.
Яқинда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) янги ҳисоботида Афғонистон дунёдаги энг тез метамфетамин ишлаб чиқарувчи давлат эканини эълон қилганди. Ўз навбатида, “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода 2023 йил бошида кўкнори етиштиришни ва ҳар қандай гиёҳванд моддаларни импорт ва экспорт қилишни қатъий тақиқловчи фармойиш чиқарганди.
Бироқ “Толибон” расмийларининг ўзлари мамлакатда гиёҳванд моддалар етиштириш ва контрабанда қилишда айбланмоқда.
Изоҳ (0)