Андижон ва Қашқадарё вилоятларида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Андижон ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлимлари томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Шаҳрихон, Асака ва Яккабоғ тумани кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган жами 2 704 тонна кўмирни имтиёзли нархда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухоро шаҳри “Абу Али ибн Сино” МФЙ ҳоким ёрдамчиси кредит маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, жиноят иши қўзғатилгани, Янгийўл тумани ҳокими маҳаллалардаги 6 нафар ёрдамчисини жазолагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)