Олий Мажлис Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш, маҳкумларни топшириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар кўриб чиқиб, маъқулланди.
Муҳокамалар чоғида сенатор Толибжон Мадумаров Ўзбекистон билан Италия ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартнома ратификация қилиниши Италиянинг жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига қандай таъсир қилиши хусусида савол берди.
Саволга Бош прокуратура масъул ходимининг жавоб беришича, бугунги кунда Италияда жазони ижро этиш муассасаларида 20 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси жазо ўтамоқда.
“Дипломатик миссияларимиз кўмагида уларнинг аҳволидан доимий равишда хабар олиб келинмоқда.
Шартномаларнинг ратификация қилиниши жазони ўтаётган фуқароларимиз учун ижобий таъсир кўрсатади. Биринчи навбатда, ушбу фуқаролар ўз хоҳишига кўра, Ўзбекистонда жазони давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу маҳкумлар ва уларнинг оила аъзолари учун қулайлик туғдиради. Боиси уларнинг доимий равишда бир-бирлари билан кўришиб туришларига оилавий муносабатлар сақлаб қолинишига хизмат қилади.
Иккинчи томондан, уларнинг ижтимоий реабилитациясига ҳам яхши таъсир кўрсатади”, — деди Бош прокуратура ходими.
Қўшимча қилинишича, мазкур ратификациялар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Сабаби “Ўзбекистон фуқароларини ташлаб қўймайди”, деган тамойил амалда татбиқ этилади.
Аввалроқ ялпи мажлисда Сенат Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларига оид шартномани маъқуллаган эди.
Изоҳ (0)