21 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига транспорт хизматларини кўрсатишда камчиликлар бўйича аҳоли томонидан 252 та мурожаат келиб тушган.
“Қорақалпоғистон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жамоат транспортларида автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилмаган.
Бундан ташқари, йўловчи ташувчи жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг автотранспорт воситаларига чиқиши учун махсус мосламаларнинг ўрнатилмаганлиги, темир йўл хизматлари кўрсатишда камчиликлар мавжудлиги жамоатчилик ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда”, — дейилади Сенат ахборотида.
Сентябрь охирларида президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида темир йўл соҳасида ҳал қилиниши керак бўлган асосий масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилганди. Ўшанда “Ўзбекистон темир йўллари” холдингга айлантирилиши, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларини сотиш вазифаси қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)