Жаҳон банки Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва ривожланишига оид янги ҳисоботини эълон қилди.
Мамлакатда иқлим ўзгариши Ўзбекистон аҳолисига турлича таъсир кўрсатади ва 2030 йилга бориб бутун мамлакат бўйлаб камида 8 миллион одам юқори иқлим хавфи мавжуд туманларда яшай бошлайди.
Унда келтирилишича, иқтисодиётни 2060 йилга бориб карбонсизлантириш (карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш) Ўзбекистондаги иссиқхона газлари чиқиндиларининг қарийб 75 фоизини ташкил этувчи энергетика секторига эътиборни қаратишни талаб қилади.
Карбонсизлантириш дастурларини амалга ошириш ва мослаштириш учун катта миқдорда инвестиция талаб этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга иқлимнинг меҳнат унумдорлигига, йўллар ва кўприклар, чорвачилик ва ирригация секторига салбий таъсирини юмшатиш учун тахминан 60 миллиард АҚШ доллари керак бўлади.
Бундан ташқари, эскираётган энергия инфратузилмасини алмаштириш ва декарбонизация ишлари учун 2060 йилгача тахминан 340 миллиард доллар талаб этилади. Ушбу инвестицияларнинг катта қисми хусусий сектор томонидан амалга оширилиши мумкин.
Октябрь ўрталарида Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг Марокашда ўтказилган йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки вакиллари 46,25 миллион доллар миқдоридаги молиялаштиришга оид битимни имзолагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)