Вена шаҳрида Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимов Австрия президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар беради “Дунё” агентлиги.
Қайд этилишича, маросим доирасида элчининг Австрия президенти билан суҳбати бўлиб ўтган. Унда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Суҳбат якунида Австрия президенти элчини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаган ва унинг ушбу масъулиятли фаолияти Австрия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтиришга хизмат қилишига умид билдирган.
Ўзбекистоннинг янги элчиси Австрияга тайинланишидан олдин Нью-Йорк шаҳрида 2017–2023 йиллар мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили лавозимида ишлаган. Ибрагимов 1992 йилдан бери ТИВ тизимида ишлаб келмоқда. Вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШ ва Жанубий Кореядаги элчихоналарида турли лавозимларда фаолият кўрсатган.
Изоҳ (0)