Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Қўйлиқ даҳасида бир гуруҳ шахслар ўртасида жанжал содир бўлгани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.
Миробод тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, мазкур ҳодиса 12 ноябрь куни содир бўлган.
20 яшар фуқаро Х.В. ўз танишлари 23 ёшли М.Б. ва 18 ёшли М.А.лар билан Spark русумли автомобилда Мунис кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, Қўйлиқ-5 даҳасига кетаётган вақтларида, 34 ёшли А.Б. бошқарувида бўлган Nexia-3 русумли автомобиль билан бир-бирига йўл бермай, ўртада келишмовчилик юзага келган.
Sparkъдаги йўловчилар — М.Б ва М.А. ҳамда Nexia-3 ҳайдовчиси А.Б ва унинг шериги 21 ёшли Й.М ўзаро гап талашиб, жанжаллашган. Жанжал Spark ҳайдовчиси — Х.V. томонидан видеога олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган.
Ҳодиса оқибатида Spark йўловчиларидан бири — М.Б. Тошкент давлат стоматология клиникасига мурожаат этган. Шифокорлар томонидан фуқарога юқори лаб соҳаси эзилиши ва йиртилиши, шунингдек, чап ёноқ соҳаси шилиниши ташхиси қўйилган.
Жанжалда иштирок этган қолган фуқаролар тан жароҳати олмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ “Сергели” деҳқон бозорида Миллий гвардия ходими ва фуқаро ўртасида жанжал содир бўлгани, Марғилонда иш ҳаққини талашиб, кўчада жанжаллашган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)