Ижтимоий тармоқ саҳифаларида гўёки хакерлар Ўзбекистон банкларига ҳужум қилишгани ва Humо карталардан йирик миқдорда пул ўғирлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Компания матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.
Миллий банклараро процессинг марказининг маълум қилишича, ушбу маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Таъкидланишича, Humo тўлов тизими барча хавфсизлик талабларига жавоб беради ва тизимга бевосита ҳеч қандай киберҳужум содир бўлмаган.
“Шунингдек, ижтимоий тармоқ фаолларидан текширилмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд”, — дейилади муносабатда.
Бир неча кун аввал Humo банкоматлари нақд пул бермаяпти, мазмунидаги хабарлар тарқалганди. Компания пул ечиш амалиётлари мониторинги натижасида айрим банкоматларда нақд пул бермаслик ҳолатлари кузатилгани сабаб, ушбу ҳолатни бартараф этиш учун банкоматлар режали профилактика мақсадида вақтинчалик ўчириб турилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)