Буркина-Фасонинг “Заонго” қишлоғига уюштирилган ҳужумда аксари болалар ва қариялардан иборат камида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий прокуратурага таяниб, Deutsche Welle хабар берди.
Қайд этилишича, фожиа 5 ноябрь куни юз берган. Мамлакат шимолидаги қишлоққа ҳужумни айнан ким амалга оширгани ҳозирга қадар номаълум. Европа Иттифоқи ва АҚШ расмийлари Буркина-Фасо ҳукуматини ҳужумнинг тўлиқ ҳолатларига ойдинлик киритиш учун тергов ўтказишга чақирган. Маҳаллий аҳолига кўра, ҳужум минтақада “хавфсизлик кучлари ва террорчилар ўртасидаги жанглардан икки кун ўтиб” содир бўлган.
Буркина-Фасо — дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлиб, ўтган йили икки марта ҳарбий тўнтариш содир этилган. 2015 йилда қўшни Малидаги қўзғолон Буркина-Фасога тарқалган ва ўшандан бери Ғарбий Африка давлатида турли гуруҳларнинг мунтазам қуролли ҳужумлари кузатилмоқда.
Аввалроқ Нигер ҳарбийлари президент Базумни “давлатга хиёнат” учун суд қилишга ваъда бергани, 2022 йил декабрда Буркина-Фасо шарқида жангарилар томонидан уюштирилган пистирмада камида 15 нафар аскар ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)