Россия қўшинлари 10 ноябрь кечаси Украина ҳудудига олтита Shahed-136/131 камикадезде дронларини, шунингдек, Х-31 ва Х-59 бошқарилувчан авиация ракеталари билан ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълум қилди.
Украиналик ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмалари Краснодар ўлкаси, ракеталар эса Херсон вилоятининг эгаллаб олинган ҳудудидан учирилган.
Бешта дрон ва Х-59 ракетаси Днепропетровск, Харьков, Николаев, Полтава ва Киев вилоятларида уриб туширилгани айтилмоқда.
Кечаси уюштирилган ҳужум сабаб Украинанинг қатор вилоятларида ҳаво тревогаси эълон қилинган. Киев вилоятида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган. Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Руслан Кравченконинг маълум қилишича, Киев вилоятидаги ҳаво маконида дронлар аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси уриб туширилган.
Бундан ташқари, Украина ИИВ Черкаси вилоятида ҳам битта дрон уриб туширилганини маълум қилди. Фуқароларга жароҳат етмаган.
Аввалроқ Украина Олий радаси президент Владимир Зеленский томонидан киритилган мамлакатдаги ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни яна 90 кунга — 2024 йил 14 февралгача узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилганди.
Изоҳ (0)