Рига шаҳар суди сейм (парламент) собиқ депутати Янис Адамсонс ва Латвия ССРда Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлаган фуқаро Геннадир Силоновни Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топди.
Суд ҳукми билан Адамсонс 8 йил 6 ойга, Силонов эса 7 йил 6 ойда озодликдан маҳрум этилди.
Адамсонс 2021 йилнинг июнида Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилган. Тергов маълумотларига кўра, сеймнинг собиқ депутати “тизимли ва мақсадли” равишда маълумот тўплаб, Силонов орқали Россия махсус хизматларига НАТО бўлинмалари, Латвия ҳарбийларининг харидлари, мамлакат бюджети, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар ва чегарадаги вазият ҳақида ахборот етказиб турган.
Адамсонс Силонов билан камида 2015 йилдан бошлаб учрашиб келган, Латвия ҳуқуқ тартибот органлари умумий ҳисобда улар 100 мартадан ортиқ учрашганини қайд этган. Прокурор версиясига кўра, Адамсонс жосуслик учун пул олган, маблағлар Адамсонснинг Россиядаги қизи орқали ўтказилган.
Иккала айбланувчи ҳам ўзларига билдирилган айбловларни рад этган, суд қарорини эса “бутунлай уйдирма” деб атаган.
Изоҳ (0)