Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг Қарши туманида бўлиб, тумандаги шифохона ва мактаб аҳволидан қониқмагани маълум бўлганди. Шундан сўнг туман ҳокими Беҳзод Юсупов ишдан олиниб, ўрнини Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов эгаллаганди. Қарши туманининг янги ҳокими лавозимига киришишидан аввал туманни ривожлантириш учун давлат раҳбаридан 57 та топшириқ олганини айтганди. Президент топшириғи ижроси билан шуғулланаётган ҳокимнинг маълумот беришича, Қарши туманидаги истироҳат боғи ва бозор янгиланади.
Тумандаги эски, қаровсиз ётган истироҳат боғи ишга туширилади ва янгиланади. “Бешкент” бозорида савдогарлар учун қулай шароитлар яратилади, — деди Зоир Алиқулов масъуллар билан ҳудудни кўздан кечирар экан.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Турдиевнинг “Дарё”га маълумот беришича, туман ҳокими бу ҳақда 30 октябрь куни ҳудудларни кўздан кечириш чоғида маълум қилган.
Ўша куни дастлаб Бешкент шаҳрида қурилган бозор билан танишган ҳоким, сўнгра туман марказий истироҳат боғига борган.
Афсуски, тайёр бозор туман тиббиёт бирлашмасидан унча узоқ эмас. Шундай шароит яратамизки, ким савдогар бўлса шу ерга келиб, тадбиркорлигини давом эттиради. Деҳқонобод туманида ҳокимлик вазифасига киришганимнинг илк йилидаёқ, аҳоли кайфиятини янада кўтариш мақсадида қаровсиз ётган истироҳат боғини таъмирлатиб, ишга туширгандик. Қарши туманида ҳам ушбу боғни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилади, — деди туман ҳокими.
Ҳоким бу ҳақда масъулларга билдирар экан, аҳоли гавжум бўлган ушбу истироҳат боғини тез кунларда аҳоли хизматига шай ҳолатга келтириш чораларини кўриш ҳақида топшириқ берди.
Қўшимча қилинишича, Қарши туманининг янги ҳокими шу куни Ёшлар марказига ажратилган бино ҳамда Мотамсаро она ҳайкалини кўздан кечириб, масъулларга тегишли топшириқлар берган.
Изоҳ (0)