Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Жанубий Корея Республикасида илк бор ўтказилган халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақасида иштирок этиб, энг юқори натижани қайд этди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур мусобақа давомида жанговар ҳаракатлар реалликка яқин бўлиши учун шаҳар ва тоғ ҳудудларида ташкил этилган амалий машғулотларда томонлар қарама-қарши куч сифатида жанг олиб борди. Унда асосан, дунёнинг етакчи давлатларидан сараланган жамоалар иштирок этди.
НАТО стандартларига асосланган ушбу мусобақанинг 12 та “жанги”да ўзбекистонлик ҳарбийлар 10 та ғалаба билан биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса АҚШ ҳамда Корея Республикаси жамоаларига насиб этди — тўрттадан ғалаба.
“Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси пухта ва самарали ташкиллаштирилган тайёргарлик натижасида мусобақа мобайнида жасурлик, ғалабага бўлган иштиёқ, юксак даражадаги касбий ва руҳий тайёргарлик, шунингдек, шахсий таркибнинг жипслигини намоён этди”, — дейилади хабарда.
Ушбу ҳарбийлар 28 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинган.
Изоҳ (0)