World justice project халқаро ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2023 йилги натижалари эълон қилинди. Янгиланган рейтингда Ўзбекистон 142 мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади.
Мамлакат 2021 йилда ушбу рейтингда 85-ўринда эди. 2022 йилда бўлса, етти поғона кўтарилиб, 78-ўринга чиқиб олган. Мазкур рейтингда экспертлар давлатларнинг қонунийликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлари самарадорлиги ва унинг аҳоли кундалик ҳаётга таъсирини баҳолайди.
Индекснинг “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” факторида ҳам Ўзбекистон 0.47 балл билан 66-ўринда қолмоқда.
Ташкилотнинг маълум қилишича, мамлакатнинг коррупцияга оид ушбу фактордаги кўрсаткичлари сўнгги 7 йил давомида мунтазам кўтарилиб келмоқда. Хусусан, 2016 йили Ўзбекистон 0.33 балл билан 113 мамлакат орасида 96-ўринни олган.
Мавжуд 100 баллдан 50 балл тўплаган Ўзбекистон Шри-Ланка (77-ўрин) ва Ҳиндистон (79-ўрин) ўртасида жойлашди. МДҲ давлатлари орасида рейтингдан энг юқори ўринни Қозоғистон эгаллади (65-ўрин), энг қуйи поғона эса Россияга тегишли (113-ўрин), Қирғизистон 103-ўринда жойлашган бўлса, ундан бир поғона пастдан Беларусь ўрин олган.
Рейтингнинг энг юқорисида Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Германия жойлашган. Охирги ўринлар бўлса Венесуэла, Камбожа, Афғонистон, Гаити, ва Конго Демократик Республикасига тегишли.
Июль ўрталарида Ўзбекистон халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи Артиcле 19 ташкилотининг сўз эркинлиги рейтингида юқорилагани тўғрисида хабар берилганди. 2022 йил якунларига кўра тузилган The Global Expression Report рейтингига кўра, Ўзбекистон 161 та давлат ичидан 133-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида дунёнинг 180 та давлати ичида 137-ўринни эгаллаб, 2022 йилги рейтингдаги ўрнидан тўрт поғонага пастлаган.
Изоҳ (0)