Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги мактабда рағбатлантириш ва моддий ёрдам пуллари нотўғри сарфлангани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, вилоят Давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишда Нуробод туманидаги 67-умумтаълим мактабининг 14 нафар педагог ходимига 2022 йил январь ойидан 2023 йилнинг сентябрь ойига қадар 37 миллион 060 минг сўм рағбатлантириш ва моддий ёрдам пулларини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига зид равишда тўлаб берилгани аниқланган.
Ҳозирги кунда Нуробод туманидаги 67-умумтаълим мактабида аниқланган камчиликлар юзасидан Нуробод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича батафсил маълумот берилади.
Изоҳ (0)