Санъат соҳасида таҳсил олмаган бўлса-да, томошабинларга комик актриса ва хонанда сифатида танилган Шаҳло Зоирова 21 октябрь куни 35 ёшни қаршилади. Хўш, у нега санъат соҳасини танлаган ва фаолияти давомида қандай қийинчиликларга учраган? Бу саволга қуйида жавоб излаймиз.
“Шўх қиз бўлганман”
Шаҳло Зоирова 1988 йилнинг 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Оилада тўнғич фарзанд, унинг бир нафар укаси ҳам бор.
— Дадам ички ишлар ходими, онам эса ўқитувчи бўлган. Болаликда жуда шўх, ўғил болаларга хос характердаги қиз бўлганман. Шу билан бирга, мактабда ҳам фаолликни қўлдан бой бермаганман. Аълочи бўлганман, деёлмайман-у, аммо баҳоларим у қадар ёмон эмасди. Футбол ва басткетбол ўйнашни ёқтирардим, — дейди Шаҳло Зоирова.
“Оёқ кийимим йўқлиги учун қўшниларим ёрдам қилишган”
Хонанда болалигида ота-онаси оёқ кийим олиб бермаган кунларни ҳам табассум билан эслайди. Шундай қийин вазиятда қўшнилари унинг жонига оро кирган.
— Болалигимда оёқ кийимга пулим етмаган, иқтисодий жиҳатдан қийналган вақтларимизда қўшниларимиз оёқ кийим олиб берарди. Қўшниларим “Ол, Шаҳло, бу сенга, кийиб юравер”, дер эди. Онам кўз ёш қилиб, “Сизга бунинг пулини қандай қайтариб берамиз”, деганларида қўшниларимиз “Олаверинг, бу сизга, қизингизга”, деб ҳаттоки пулини ҳам сўрамас эди. Ҳозир энди шунақа вазият бўлдики, улғайганимдан сўнг уларнинг тўйларида бир сўм пул олмасдан, беминнат хизмат қиламан. “Менга пулингиз керак эмас, ўшанда бизга жуда кўп яхшилик қилгансиз, кўксимиздан итармагансиз”, дея уларнинг қайсики яхши куни бўлса холажон, тоғажон дея хизматларида бўламан. Бу ҳаётда ҳеч нарса бесабаб бўлмас экан. Ўтган кунларимга беҳисоб шукрлар қиламан, — дейди актриса интервьюларининг бирида.
“Мени ўғриликда айблашган”
Шаҳло Зоирова 2018 йили берган интервьюсида ўғриликда айблашгани ва бу ҳолат унинг руҳий ҳолатига таъсир қилгани ҳақида ҳам сўзлаб берган.
— Иккинчи синфга ўтган йилим кундалик дафтар олиб беришга имкониятлари бўлмади. Роса хафа бўлдим, чунки аввал кундалик дафтар тутмаганимиз учун синфдошларим бир-бирига кундаликларини мақтанишарди. Онам: “Олиб бераман, озгина сабр қил”, деб юпатди.
Бир куни мактабдан қайтаётиб, бекатда биздан уч-тўрт синф катта болаларнинг автобус ҳайдовчиларига баклажкаларга солинган чой сотишаётганини кўриб қолдим. Автобус жойидан қўзғалгач, улар хурсанд бўлиб пулларини санашарди. Ўша куниёқ уйга келиб, баклажкаларни йиғиб, ювдим. Уйдагиларга билдирмай, чой дамлаб, идишларга қуйдим. Мактабга кетиш вақти бекатда туриб, келган автобус ҳайдовчисига чойни кўрсатдим. Қарангки, уч-тўрт кун ўтмай савдойим юришиб кетди. Кундалик дафтар сотиб олиб, роса ўртоқларимга мақтандим. Аммо 10 кунлардан кейин синфдошларимдан бирининг папкасидан онаси “нонга” деб берган пул йўқолди. Ҳамма папкалар текширилганда, меникидан уч-тўрт кунлик чойларнинг пуллари чиқди. Турган гапки, бунча пулни ҳеч ким боласига бермайди, оиламиздаги моддий қийинчиликлардан эса ўқитувчимизнинг хабари бор эди. Ўшанда ноҳақликка чидолмай, сиримни фош этишимга тўғри келган. Ҳайдовчилар “чойчи қиз”ни танишлари, менга пул беришларини айтишгач, гумондорлар рўйхатидан ўчирилгандим, — деганди Шаҳло Зоирова.
“Ҳуқуқшунос ва ҳарбий бўлолмадим”
Шаҳло Зоирова ҳамиша санъатга қизиққан. Аммо оилавий муҳити сабаб бирор марта қизиқишлари ҳақида атрофдагиларга айтолмаган. Отаси ҳарбий бўлишини истагани ва югуриш мусобақаларида ғолиб бўлгани ҳақида қуйидагиларни айтади.
— Болаликдан рақс тушишга, қўшиқ айтишга қизиқардим. Мактаб тадбирларида ҳам бош ролларни бошқаларга ишонмасдим. Аммо дадам санъаткор бўлишимни истамади, “Ҳуқуқшунос ёки ҳарбий бўлишинг шарт!” деган талабни қўйди. Онам эса барибир менга ён босиб, тадбирларда иштирок этаётганимни дадамга айтмади. Академик лицейни тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширдим. Аммо бор-йўғи 8 балл етмай, талабалар сафига қабул қилинмадим. Бу хабарни эшитган дадам “Тадбирма-тадбир юришнинг оқибати шундай бўлади!” деб дакки берди. Апрель ойида Олий ҳарбий божхона институтига ҳужжат топширдим, икки уринишда ҳам омад кулиб боқмади. Ундан кейин Ички ишлар академиясига ҳужжат топшириб, жисмоний имтиҳонлардан яхши натижа кўрсатдим-у, тестдан йиқилдим. Енгилган курашга тўймас деганларидек, шу орада корейс тилини ҳам ўрганиб, таржимонлик қилиш истаги пайдо бўлди. Бир йил ўтиб, яна университетга ҳужжат топширдим. Аммо бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Абитуриентлардан бири физика факультетига кам ҳужжат топширилганини айтгани учун ҳеч иккиланмай, шу йўналишда омадимни синаб кўрдим.
Бир куни уй телефонимиз жиринглаб: “Шаҳло Зоированинг уйими?” деб сўрашди. Онам “Яна бир балони бошладингми?” дегандек, менга қараб қўйди. “Биз Ўзбекистон Миллий университетидан безовта қиляпмиз. Қизингиз биринчи ўринда бюджетга қабул қилинди. Шу сабаб бир соатда университетга келиши ва телевидение учун интервью беришини сўрашяпти”, дейишди. Онам ҳўнграб йиғлаб юборди ва мени маҳкам бағрига босди. Уйимиз олдида кичик дўкон очганди, ўша куни бор нарсасини ўтган-кетган маҳалладошларга тарқатиб, суюнчи олди, — дейди Шаҳло Зоирова.
“Порага пул йиғгандим”
Актриса институтга кириш учун пора таклиф қилмоқчи бўлган, аммо ўша йили омади келиб, Физика факультетига бюджет асосида ўқишга қабул қилинган.
— Ҳаётда яхши яшаш учун интилиш, кимнингдир кўмагини кутиб яшаш керакмаслигини эрта тушунганман. Шу боис ҳаракатни анча эрта бошлаганман. Институтга кириш учун бир неча бор уринганман, аммо уч йил омад кулиб боқмаган. Ўқишга киролмаган йилим аёллар сумкаси сотадиган дўкон билан келишиб, савдо билан шуғулланишга қарор қилганман. Савдодан икки минг АҚШ долларини йиғиб, бу йил пул бериб бўлса ҳам ўқишга кираман, деб аҳд қилгандим. Аммо ўша йили омадим келиб, Ўзбекистон Миллий университетининг Физика факультетига бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Икки минг доллар ҳам ёнимга қолган, — дейди Шаҳло Зоирова.
“Ижарага машина олиб, киракашлик қилганман”
Ижодда ҳам ўғил болаларга хос феъл-атвор эгаси эканлиги сезиладиган Шаҳло Зоирова талабалик пайтида киракашлик қилишга мажбур бўлганини қуйидагича изоҳлайди.
— Бюджет асосида ўқишга қабул қилинган бўлсам ҳам, универститетга бориш, тушлик учун ҳам пул керак эди. Мен ўқияпман, деб ота-онамдан пул олишни истамаганман. Шу боис ўқишга кириш учун мўлжаллаган 2 000 АҚШ доллари пулимга ойлик тўлов эвазига Spark машинасини олганман. Дарсдан кейин киракашлик қилардим. У пайтда аёл таксичилар жуда кам эди. Ўқишдан чиққандан кейин кечгача таксичилик қилиб, ойма-ой машинанинг тўловини тўлардим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ҳамма нарсага улгурганман. Чунки ўша пайтда ўқишдан кейин, ҚВЗга қатнардим, ундан ортиб киракашлик ҳам қилардим, — дейди Шаҳло Зоирова.
“Мисс Европа” ва спорт мусобақаларидаги ғалаба
Шаҳло Зоирова ҚВЗ жамоасида иштирок этишдан аввал спорт билан жиддий шуғуллангани ва хориж мусобақаларида ҳам иштирок этганини қуйидагича эслайди.
— Астрономия йўналишида ўқиганман. Бу соҳа мен учун қизиқ эди. Аммо аниқ фанларда жуда қийналардим, ижтимоий-сиёсий фанлар ўтиладиган кун мен учун байрам эди. Ўқиш бошланган кун факультетимиз деканининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича муовини олдига кириб, ўзимни таништирганман. Тадбирларни ўтказишда ёрдам беришимни айтгандим. Кўп ўтмай, факультет миқёсида “Қизлар давраси” танлови ўтказилди. Унда ғолиб бўлиб, университет миқёсида иштирок этдим. Сўнг пойтахтдаги олий ўқув юрти қизлари билан беллашдим ва мутлоқ ғолиб бўлиб, танлов ҳомийлари кўмагида талаба қизлар ўртасида ўтказиладиган халқаро “Мисс Европа” кўрик-танловида қатнашдим. Қўл жанги бўйича Озарбайжонда, кросс югуриш бўйича Москвада ўтказилган талабалар мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритганман, — деганди Шаҳло Зоирова.
Санъатга қўйилган қадам
Шаҳло Зоирова қандай қилиб санъат соҳасига кириб қолганини ҳам сўзлаб берган.
— Университет миқёсида “Қувноқлар ва зукколар” танлови ташкил этилганда, факультетимиз номидан иштирок этганман. Аммо ғолибликни қўлга киритмаганмиз. Бир ойлардан кейин ҚВЗда юқори балл тўплаган талабалар университетнинг “Шоввозлар” терма жамоасига қабул қилинаётгани ҳақида эшитиб қолганман. Ўқув хонасида бўлаётган репетицияларини кузатиш учун эшик ортида туриб, уларни кузатганман. Кейин жамоа сардори Бегзод Комилжоновдан “Менга ҳам рол беролмайсизларми?” деб сўраганман. Жамоада бирорта қиз йўқлиги учун бу гапимни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган. Кейин ўзимни синаб кўриш учун кичик рол беришган.
Ҳаммаси эпизод ролдан бошланган
Шаҳло Зоирова аввалига “Шоввозлар” ундан кейин “Миллион” жамоасида иштирок этишни бошлаган. Аммо қанчалик иқтидорли бўлмасин, унга анча вақтгача эпизод роллардан бошқасини ишониб топширишмаган.
Масалан, комик актриса Дилфуза Исмоилованинг “Оҳ, юрак” клипида раққоса сифатида иштирок этган. Аммо бир гуруҳ қизлар орасида унинг бор-йўқлиги ҳам сезилмаган.
2011 йили Жавлон Шодмонов режиссёрлигида суратга олинган “Ўхшатмасдан учратмас” фильмида ҳам эпизод роллардан бирини ижро этган. Аммо ижодкорнинг бу фильмдаги ролини ҳам деярли томошабинлар пайқамаган. Ҳозирги кунда эса актрисанинг клип ёки фильмдаги кичик роллари ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлади.
“Браво”ни ҳам тарк этди
Шаҳло Зоированинг танилишида “Миллион” жамоасининг ҳиссаси катта. Аммо 2018 йилга келиб, у бир гуруҳ ҳамкасблари билан бирга жамоани тарк этиб, “Браво”га асос солишди. Актриса тўрт йилдан сўнг бу жамоани ҳам тарк этди. Аммо ҳалигача нега жамоадан кетганини очиқлагани йўқ. Айни кунларда актриса ижод билан эмас, кўпроқ тўй хизматларида фаол. Актриса яқин орада бирорта ижодий лойиҳада суратга тушгани йўқ.
Изоҳ (0)