Жанубий Кореяда бўлиб ўтган 28-Пусан халқаро кинофестивалида қирғизистонлик режиссёр Мирлан Абдиқалиқовнинг “Киз ала качуу” (“Қиз олиб қочиш”) фильми қисқа метражли фильмлар танловида бош мукофот билан тақдирланди. Бу ҳақда фильм продюсери Олтиной Қўйчуманова ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
4 октябрдан 13 октябргача давом этган ушбу фестиваль доирасида фильмнинг жаҳон премьераси бўлиб ўтди. Кино танқидчиларининг фикрича, фильм томошабинларга чуқур ҳиссий таъсир кўрсатган.
Режиссёр Мирлан Абдиқалиқов ўзининг янги картинасида Қирғизистон учун долзарб муаммо бўлган қиз ўғирлаш мавзусини кўтарган. Фильмда воқеалар Бишкекнинг янги қурилаётган ҳудудларида бўлиб ўтади.
Осиёнинг ушбу нуфузли фестивалидаги ғалаба Қирғизистон кинематографияси учун муҳим воқеа бўлди. У жаҳон жамоатчилиги эътиборини қирғиз киноижодкорлари ижодига қаратади.
Изоҳ (0)