Индонезиянинг Сраген шаҳрида 360 дан ортиқ кишида бепул мактаб тушлигини истеъмол қилгач, озиқ-овқатдан заҳарланиш қайд этилди. Ушбу бепул озиқ-овқат дастури мамлакат президенти Прабово Субианто томонидан ўзининг сайловолди компанияси доирасида ишга туширилган эди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Бу ҳолат президент жорий этган бепул овқат дастури бошланганидан буён қайд этилган энг йирик заҳарланиш экани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 365 нафар фуқаро касалланган, озиқ-овқат намунаси эса лаборатория текшируви учун юборилган. Ҳукумат, зарур бўлса, даволаниш харажатларини қоплашини маълум қилган.
Мактаб ўқувчилардан бири қорин оғриғи, бош оғриғи ва диарея билан уйғонган. У ижтимоий тармоқларда синфдошлари ҳам шикоят қилаётганини кўргач, заҳарланишдан гумон қилган. Айтилишича, заҳарланишга сабаб бўлган таом сариқ гуруч, тухумли омлет, қовурилган темпе (соя ловияси), бодринг, салат барги, кесилган олма ҳамда сут бўлган. Овқат марказий ошхонада тайёрланиб, бир нечта мактабларга тарқатилган.
Сраген мери Сигит Памунгкас ушбу ошхонадан вақтинча таом тарқатишни тўхтатиш буюрилганини маълум қилмоқда. Бепул озиқ-овқат дастури татбиқ этилганидан бери бутун мамлакат бўйлаб 1 мингдан ортиқ одам турли заҳарланиш ҳолатларидан азият чеккан. Май ойида Ғарбий Явада 200 дан ортиқ ўқувчи заҳарланиб, лаборатория овқатда Салмонелла бактерияларини аниқлаган эди.
Прабовонинг миллиардлаб долларлик озиқ-овқат дастури сайловолди кампаниясининг асосий қисми бўлиб, унинг мақсади фуқаролар ҳаёт сифатини ошириш ва иқтисодий ўсишни тезлаштиришдир. Ҳозиргача 15 миллиондан ортиқ одам ушбу дастурдан фойдаланган, йил охиригача бу кўрсаткични 83 миллионга етказиш режалаштирилган. Дастур учун бу йил 171 триллион рупия (10,62 млрд доллар) ажратилган.
Изоҳ (0)