Франция ҳукумати фаластинликларни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларини тақиқлади: расмийлар бундай чиқишлар “жамоат тартибининг бузилишига олиб келиши мумкин” деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманин бутун мамлакат бўйлаб префектларга йўллаган мактубида маълум қилди, деб ёзмоқда Reuters.
Фаластин—Исроил можароси бошланганидан кейин ҲАМАС бутун мусулмон оламини 13 октябрь куни фаластинликларни қўллаб-қувватловчи акциялар ўтказишга чақирганди.
Тартибсизлик чиқишидан хавотирлар туфайли Парижда 12 октябрь куни фаластинликларни қўллаб-қувватловчи икки намойиш тақиқланди. Полиция митингга келган Фаластин тарафдорларини кўзни ёшлатувчи газ ва сув пуркагичлар билан тарқатиб юбормоқда.
Францияда Европадаги энг кўп мусулмонлар ва яҳудийлар яшайди, Яқин Шарқдаги можаролар эса мамлакатда кескинлик келтириб чиқариши мумкин, деб қайд этди Reuters. Полиция яҳудийлар яшайдиган жойлар, жумладан, мактаблар ва синагогаларда хавфсизлик чораларини кучайтирди.
Францияда Фаластин—Исроил можароси бошланганидан бери яҳудийларга қарши ҳаракатлар, жумладан мактабда болаларни қўрқитиш учун 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинган. Германия яҳудий муассасалари, жумладан, мактаб ва синагогаларда хавфсизлик чораларини кучайтирди. Лондонда иккита яҳудий мактаби болалар хавфсизлиги учун 16 октябрь, душанбага қадар ёпилди.
Изоҳ (0)