Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон фаластинликларга қарши “уруш жиноятлари”ни тўхтатишни талаб қилиб, ислом оламида бирдамлик муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Раисий администрацияси раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Муҳаммад Жамшидий маълум қилди.
Икки мамлакат раҳбари 45 дақиқа телефон орқали суҳбатлашди. Раисий ва Муҳаммад ибн Салмон Фаластинга қарши уруш жиноятларини тугатиш зарурлиги ҳақида ҳамфикр эканликларини маълум қилишди.
Улар, шунингдек, “ислом олами бирлигининг муҳимлигини таъкидлаб, АҚШ томонидан кўз юмилаётган режим жиноятлари ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ишонч билдиришди”, — деди расмий вакил.
Валиаҳд шаҳзода мавжуд вазиятни хавотирли ва хавфли деб атади ва Фаластин ҳуқуқларининг бузилиши минтақада кескинлашув ва беқарорликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Иброҳим Раисий Сурия президенти Башар ал-Асад билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. Эрон президенти “бугунги кунда дунёдаги барча исломий, араб давлатлари ва барча эркинликни севувчи халқлар Исроилнинг фаластинликларга қарши жиноятларини тўхтатиш учун жиддий келишувга эришишлари ва ҳамкорликни кучайтиришлари кераклиги”ни таъкидлаб, Эрон бунга эришишга ҳаракат қилаётганини маълум қилган.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ғазо секторида 1354 киши ҳалок бўлган, 6049 киши жароҳатланган. Исроилнинг билдиришича, уларда қурбонлари сони 1300 нафардан ошган, шундан 222 нафари ҳарбий хизматчилар. Яна 200 га яқин одам гаровга олинган ёки бедарак йўқолган.
Изоҳ (0)