Алишер Амиров Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Алишер Амиров 1977 йил Бойсун туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобиль-йўллари институтини, 2014 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ер усти транспорти тизимлари муҳандиси.
У меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Тошкент вилояти бўлими шўба мудири, “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компаниясида бошқарма бошлиғи, бошқарув раисининг ўринбосари, Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Шеробод тумани ҳокими лавозимларида меҳнат қилган.
Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар 2021 йилдан буён Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитаси минтақавий йўлларга буюртмачи бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди.
Аввалроқ Олимхон Рустамов Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)