Тошкент шаҳрида ноқонуний равишда хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбирда Х.И. исмли шахс фуқаролар М.А., Б.С. ва А.А.нинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Туркия давлати орқали АҚШга ишга юбориш эвазига 46 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Чилонзор туман бўлими ходимлари томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ҳ.Р. исмли шахс фуқаро Д.А.га танишлари ёрдамида Жанубий Корея давлатига бориш учун виза олиб бериш ва ишга юбориши эвазига 1,2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
11-сентябр куни Самарқандда 14 минг доллар эвазига Самарқанд—Истанбул—Мадрид—Никарагуа йўналиши билан АҚШга ишга жўнатишни ваъда қилган шахс қўлга олингани хабар қилинганди. Июнь ойининг ўрталарида Самарқандда икки кишини АҚШга юбориш учун 40 минг доллар олган шахс ушланганди. Май ойида эса шундай ноқонуний йўллар билан АҚШга юбориш учун 30 минг доллар олган шахс қўлга олинганди.
Изоҳ (1)
Коил. пул бериб кетишмокчи ватандан. нега??? Узбекистан.