Тошкент метрополитени Ўзбекистонга Россиядан замонавий метро поездлари олиб келиниши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени Россиядан 10 дона замонавий метро поездини етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани айтилган хабарлар тарқалди.
Пойтахт метрополитенига кўра, эълон қилинган мақоладаги маълумотлар эски бўлиб, кўрсатиб ўтилган 10 дона ҳаракат таркиблари 2021 йилда босқичма-босқич равишда харид қилинган ва ҳозирги вақтда метро йўналишларида хизмат кўрсатмоқда.
“Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби чалғитувчи маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз”, — дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда метрополитеннинг 20 вагондан иборат биринчи партияси Тошкентга етиб келганди. 2021 йилнинг август ойида эса “Метровагонмаш” АЖ Ўзбекистонга яна 20 та метро вагонини жўнатган.
Маълумот учун, “Метровагонмаш” АЖ ва Тошкент метрополитени 40 метро вагонини ишлаб чиқариш бўйича шартномани 2021 йилнинг апрель ойида имзолаган. Молиялаштириш манбалари Россиянинг Ривожланиш ва ташқи иқтисодий алоқалар давлат банки ва Россия экспорт-импорт банки кредитлари ҳисобланади.
Изоҳ (0)