Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани Солиқ инспекцияси бошлиғи тадбиркорга тегишли чойхонада ноқонуний текширув ўтказгани боис жаримага тортилди. Бу ҳақда “Дарё”га бизнес-омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили Шероз Шодиев хабар берди.
Маълум бўлишича, тумандаги “Эзгу ният” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчасида (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) Ғузор тумани солиқ инспекцияси бошлиғи С.Б.нинг 2023 йил 21 февралдаги буйруғига асосан ноқонуний текширув ўтказилган. Шундан сўнг, тадбиркор солиқ органи ходимларига қонуний чора кўришни сўраб бизнес-омбудсман девони Қашқадарё вилояти шўбасига мурожаат қилган.
Вилоят шўбаси томонидан тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ташаббуси билан чиққан Ғузор тумани солиқ инспекцияси бошлиғи С.Б. 12 миллион сўм миқдорда маъмурий жавобгарликка тортилган. Иш ҳужжатларида Ғузор тумани ДSI бошлиғи С.Б.нинг айбдор эканлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлса-да, Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди томонидан С.Б.га нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги қарори асоссиз бекор қилинган.
Мазкур суд қарори юзасидан Қашқадарё вилояти судига аппеляция шикояти киритдик. Қашқадарё вилояти судининг 2022 йил 22-сентябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори тўлиқ бекор қилиниб, Ғузор тумани солиқ инспекцияси бошлиғи С.Б.нинг жавобгарликка тортилиши таъминланди, — дейди Шероз Шодиев.
Қўшимча қилинишича, мазкур иш 2023 йилнинг 22-сентябр куни Қашқадарё вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, аппеляция инстанцияси Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг 2023 йил 3 августдаги С.Б.га нисбатан чиқарилган қарорини бекор қилган. Ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи вакили бош инспектори Шероз Шодиевнинг 2023 йил 16 майдаги С.Б.га нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилиб, мансабдор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2-моддаси билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилган.
Изоҳ (0)