Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини таъкидлади. БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган Содиқ Сафоев бу ҳақда Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Биз Озарбайжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилишда барча қийинчиликларга қарамай олиб бораётган адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз, ҳукумат ва халқнинг қатъиятини олқишлаймиз”, — деган у.
Содиқ Сафоев сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистон—Озарбайжон муносабатлари олтин даврни бошдан кечирмоқда.
У, шунингдек, Ўзбекистон ҳар доим Озарбайжоннинг қонуний кураши бўйича ўз позициясини аниқ баён қилиб келганини таъкидлаб ўтди.
“Ишончим комилки, Озарбайжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон ҳудудларидан бирига айлантиради, Шуша унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун эса қучоғини очиб, бутун дунёдан меҳмонларни кутиб олади”, — дея таъкидлади Сафоев.
Изоҳ (0)