Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон раҳбарияти “қатор нодўстона қадамлар”да айблаб, Арманистоннинг Москвадаги элчиси Вагаршак Арутюнянни Россия ТИВга чақиртирди.
Вазирлик хабарида “дўстона бўлмаган қадамлар” рўйхати келтирилган:
- Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилиш жараёнини бошлаш,
- Арманистон бош вазири рафиқаси Анна Акопяннинг Киевга “Киев фашистлари режими”га гуманитар ёрдам кўрсатиш билан бориши
- Арманистон ҳудудида АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги элчига норозилик нотасини топширди, унда Арманистон парламенти спикери Ален Симоняннинг Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага йўллаган “таҳқирловчи баёнотлари қабул қилиниши мумкин эмас” деб ёзилган.
ТИВ Sputnik Armaniston шарҳловчиси Ашот Геворкян ва россияпараст блогер Микаэл Бадаляннинг Арманистонда ҳибсга олинишидан “ташвиш” билдирган.
6 сентябрь куни Арманистон парламенти спикери Ален Симонян Халқаро жиноий суднинг Рим статути мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинишини айтди.
Арманистон парламенти спикери Мария Захарова билан ҳам сиртдан баҳс бўлган. Симонян Захарованинг Лочин коридоридаги вазият Арманистоннинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тан олишининг оқибати, деган сўзларини танқид қилган. У бу сўзларни абсурд деб атаган. Бунга жавобан Захарова Арманистон расмийларининг оммавий риторикасини “сурбетлик” билан қиёслаган, Симонян эса уни “қандайдир котиба” деб атаган.
Изоҳ (0)