Сентябрь ойидан таълим муассасаларида ўқув жараёнлари бошланганидан сўнг метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони биринчи ўқув кунида қарийб 520 мингни ташкил этди. Бу ҳақда Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич ўтган август ойининг кунлик йўловчилар сонига нисбатан 180 минг (53 фоиз) йўловчига кўп. Шу сабабли, йўловчилар оқимини назоратга олиш, хизмат сифатини ошириш мақсадида, метрополитеннинг йўналишларида қатнов интервали тиғиз вақтларда қисқартирилди.
Жумладан:
- Чилонзор йўналиши — 1,5-2 дақиқа;
- Ўзбекистон йўналиши — 3-4 дақиқа;
- Юнусобод йўналиши — 5 дақиқа;
- Ерусти ҳалқа метро йўналиши — 7-8 дақиқа этиб белгиланди.
“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга оширишса, ўз вақтларини тежашлари ҳамда касса олдидаги тирбандликни максимал даражада камайтиришига замин яратади”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги йўловчилар ташиш узлуксизлигини таъминлаш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида, бугунги кунда ишга чиқарилаётган 1464 та автобуслар сонини 1550 тагача ва бажариладиган қатновлар сонини 21,7 мингтадан 22,8 мингтага ошириш режалаштирилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)