Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа йўли кўчасининг бир қисми 5 кунга ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ёғингарчилик вақтида юзага келиши мумкин бўлган сув тошиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида айни кунларда коллектор-дренаж тизими қувурларини янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу боис 30 августдан 4 сентябрга қадар Кичик ҳалқа йўли кўчасининг Бешқайрағоч кўчаси билан кесишмасининг пастки томонидан Истироҳат кўчаси билан кесишмасигача бўлган оралиғида жойлашган коллектор қувурларини таъмирлаш ишлари олиб борилади.
“Шу муносабат билан Кичик ҳалқа йўли кўчасининг бир қисми (йўлнинг бир томони) беш кунга ёпилади. Ҳайдовчилардан ноқулайликлар учун узр сўраб, айланма йўллардан фойдаланишларини тавсия этамиз”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда Мустақиллик байрамига бағишланган халқаро оммавий югуриш мусобақаси сабаб айрим кўчалар ёпилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)