Ўзбекистонда талабалар ўқишини хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича ўтказилган тест синови натижасидан норози бўлган талабгорлардан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Апелляция аризалари 31 августга қадар my.uzbmb.uz сайти орқали (талабгорнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинади. Талабгор апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Апелляция аризасини берган талабгорга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
“Талабгор хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва рухсатнома билан Билимни баҳолаш агентлигига келиши лозим”, — дейилади хабарда.
Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги ОТМлардан, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича тест синовлари 16 август куни бўлиб ўтди.
Олдинроқ Ўзбекистонда 2023/2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган абитуриентлардан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланган эди.
Изоҳ (0)