Ҳозирда республикада жами 2 500 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) фаолият олиб боради. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти бошлиғи Жамшид Багиров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Жамшид Багировнинг айтишича, жами АЁҚШлардан 3 фоизи “Ўзбекнефтгаз”га қарашли.
“Бугунги кунда республикада жами 2 500 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолият олиб боради. Шундан ‘Ўзбекнефтгаз’га қарашли заправкалар сони (UNG Petro) 70 та бўлиб, республикадаги жами АЁҚШларнинг 3 фоизини ташкил этади. Қолган 97 фоиз заправкаларда аҳолига бензин етказиб бериш хусусий сектор, тадбиркорлар ёрдамида амалга оширилади”, — деди компания ходими.
Жамшид Багировнинг қўшимча қилишича, UNG Petro АЁҚШлари ҳам бошқа заправкалар билан тенг ҳуқуқли.
“Уларда ҳеч қандай ортиқча имтиёзлар йўқ. Улар ҳам барча тадбиркорлар қатори биржа савдоларида қатнашиб, ўзларига керакли ҳажмдаги бензинни сотиб олади ва белгилаган нархларда сотади”, — деди мутахассис.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” заправкаларида Аи-92 бензини нархи аввалги ҳолатига қайтиб, 9 200 сўмдан сотилаётгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)