Латвия Беларусь чегарачиларини ноқонуний муҳожирларнинг чегара панжарасидан ўтиб, мамлакатга киришига ёрдам берганликда айблади. Бу ҳақда Латвия Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Беларусь билан чегарада тўрт киши иштирокида “навбатдаги провокация” кузатилган, улар сим тўсиқларни кесиб, ноқонуний равишда Латвия ҳудудига киришга уринган.


Латвия чегара хизмати маълумотларига кўра, беларуслик чегарачилар тўрт қоидабузарга симларни кесиб, туйнук очиш орқали Латвия ҳудудига киришга ёрдам берган, сўнг уларнинг Беларусга қайта олмаслиги учун тўсиқни ямаб қўйган.
Латвия томони чегарани бузганлар қўлга олиниб, “қонуний асосда ортга” қайтарилганини маълум қилди.
Аввалроқ Литва чегарадаги провокация ва таҳдидлар хавфини камайтириш мақсадида Беларусь билан олтита чегара ўтказиш пунктидан иккитасини ёпиш ниятида экани хабар қилинганди.
Июль бошида Польша, Латвия ва Литва Беларусдан келаётган таҳдидларга чора кўришни сўраб, НАТОга мурожаат қилган.
Изоҳ (0)