Андижонда юришга қийналаётган абитуриент қизни елкасида кўтариб, имтиҳон жойига кузатиб қўйган ИИБ ходими вилоят ҳокими томонидан тақдирланди.
5 август куни ижтимоий тармоқларда ИИБ ходими абитуриент қизни елкасида кўтариб кетаётгани акс этган сурат тарқалганди. “ИИБ ходими деганда халқ ўз ҳуқуқлари ҳимоячиси, бирдан жазолашга тушиб кетмай мажбуриятларини эслатувчи дўстини кўриши керак”, — деб ёзган расмни улашган блогер Зафарбек Солижонов. “Бизга керак бундай ИИБ ходимлари”, — деб таъкидлаган блогер Нозим Сафаров.
Шу куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ИИБ ходимини тақдирлагани маълум бўлди. Тақдирлаш ДХХ кубоги Андижон вилояти босқичининг финал ўйини очилиш маросимида бўлиб ўтган.
Вилоят ҳокими Telegram каналида эълон қилинган видеода Шуҳрат Абдураҳмонов ИИБ ходимга миннатдорлик билдиргани, ташаккурнома топширилиб, телевизор совға қилинганини кўриш мумкин.
“Андижонимизнинг ИИБ ходимлари қанақа эканлигини кўрсатиб қўйди”, — деб қайд этган ҳоким. “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан”, — деган ИИБ ходими бунга жавобан.
Изоҳ (0)