Қашқадарё вилояти Косон тумани Тиббиёт бирлашмаси биносини реконструкция қилишдаги талон-торожлик аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Косон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Текширув давомида “Г.C.” хусусий корхонаси ҳамда Қашқадарё вилояти “Я.Б.Х.” ИК масъул шахслари туман Тиббиёт бирлашмаси биносини реконструкция қилишда амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини расмий ҳужжатларга қўшиб ёзиш орқали жами 787,4 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида электр таъминоти учун истеъмолчилардан ундирилган 738 миллион сўм ўзлаштирилгани аниқланганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани, Бухорода 165 млн сўмлик кредит маблағларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган ҳоким ёрдамчиси ушлангани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)