Тошкент шаҳрига келиб, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган самарқандлик йигит вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, 1999 йил апрель ойида туғилган йигит Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Мингтепа” маҳалласида яшаган. У пойтахтдаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлган. 27 июнь куни эса аскар 24 ёшида касаллик туфайли вафот этгани айтилди. Бироқ марҳумнинг оила аъзолари бундан шубҳаланаётганини билдирди.
“Укангизнинг мазаси йўқ, келмасангиз бўлмайди, деб командири телефон қилди. 24-куни тушликдан кейин гаплашган эдик. Соғлиғидан шикоят қилмаганди. Шифокор кўкариб кетган ҳолатда келди, деяпти. Пневмония ташхиси қўйилган. Командирлари бирданига ўзидан кетиб қолди, дейишди. Ўзидан кетиб қолиш жараёни, ҳарбий шифохонадан видеотасвир керак бизга. Шуни қидиряпмиз. Саломатлигида ҳеч қандай шикоят бўлмаган. Укамнинг танасида шилиниб кетган жойи бор, расмга олганмиз. Ўз ажали билан ўлмаганда. Биздан яширишяпти. Юз соҳасида бармоқ изи бор, оғизни ичида йиртилиш бор. Укамга куёвлик насиб этмади”, — дейди марҳумнинг акаси.
Ҳарбий прокуратура берган маълумотга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ҳаракатлари назоратга олинган.
Изоҳ (0)