Тошкент ва Самарқанд вилоятларида электр, сув ва газдан ноқонуний фойдаланаётганлар аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати.
Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “С.Г.” МЧЖ раҳбари Ш.З. МЧЖ ер майдонида назорат тамғалари бўлмаган электр ҳисоблагичдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, жами 525,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Т.Х. (муқаддам судланган) ва бошқалар Паст Дарғом туманидаги янги қурилган кўп қаватли бинони умумий фойдаланишдаги газ тармоғига тижорат мақсадида ўғрилик йўли билан улаб, жами 221,4 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Худди шундай, департаментнинг Бекобод шаҳар бўлими томонидан “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ шаҳар филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ж.З. “Нурли йўл” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли ва кўп тармоқли хизмат кўрсатишга мўлжалланган нотурар биносини тижорат мақсадида ўғрилик йўли билан марказлашган ичимлик сув қувури ва оқова сув чиқариш хизматига улаб, жами 156,6 миллион сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)