Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзолади, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Меморандум Грузия денгиз портларида денгиз терминали/омборхоналарни қуриш/узоқ муддатли лизингга олиш, фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик, автомобиль транспортида ташувларни ривожлантириш ҳамда транспорт ва инфратузилма йўналишида ўзаро ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, инновацияларни қўллашни ўз ичига олади.
Ушбу ҳужжат бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация 17–18 июль кунлари Тбилисига ташрифи доирасида имзоланди. Ташриф давомида Абдулла Арипов Грузия ҳукумати раҳбари Ираклий Гарибашвили билан учрашиб, турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганди.
Ираклий Гарибашвили 2021—2022 йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасида икки томонлама товар айирбошлашда сезиларли ўсиш кузатилганини, Грузия Ўзбекистонни муҳим ҳамкор деб билишини, инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини ҳамда ўзбек инвесторларни Грузияда кутиб олишдан мамнун эканини таъкидлаган.
Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Грузия портлари (Поти, Батуми) орқали экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 864 минг тоннани ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 72 фоизга кўп (2021 йилда 503 минг тонна).
Изоҳ (0)