Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний шахсларнинг 970 миллиард сўмдан ортиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитасининг “Фискал таҳлиллар” Telegram канали хабар берди.
Унга кўра, 2023 йил 14 июндаги президент қарорга асосан 5,4 миллион нафар жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиғи қарздорлиги учун ҳисобланган 501,9 млрд сўм пеня ҳисобдан чиқарилди. 457,5 мингта якка тартибдаги тадбиркор учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисобланган 476,8 миллиард сўм солиқ қарзи, пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилди.
Шунингдек, 2023 йилнинг ўтган даврида 1 013 та тадбиркорлик субъектларига 613,9 миллиард сўмлик солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш имконияти берилди.
Маълумот учун, президентнинг 2023 йил 14 июндаги қарорига асосан, қуйидагилар ҳисобдан чиқарилади:
- 1 июнь ҳолатига кўра жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари;
- 1 июнь ҳолатига кўра охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ЯТТларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси;
- хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси.
Ушбу солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.
Изоҳ (0)