Европа Комиссияси матбуот котиби Петер Станонинг “Известия” нашрига айтишича, Туркия 2024 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлмайди. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқига кириш жараёни “йилларни талаб қилади”.
Туркия 1987 йилда Европа Иттифоқига аъзолик учун ариза берган ва 1999 йилда номзод мақомини олган. Қўшилиш бўйича музокаралар фақат 2005 йилда бошланган. Бу масалани муҳокама қилиш, жумладан, Европа Иттифоқи позициясига кўра, сўз эркинлигини бузадиган бир қатор турк қонунлари сабабли мураккаблашади.
Стано, шунингдек, Европа Иттифоқи Туркияга визасиз режим тақдим этишга ҳали тайёр эмаслигини билдирди.
“Виза режимини либераллаштириш қарори аъзо давлатлар томонидан мамлакат инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларни ўз ичига олган барча зарур мезонларни бажарганидан кейин қабул қилинади”, — деди у.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши масаласида яқин вақт ичида келишиб олишга тайёрлигини, бироқ бунинг эвазига мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини фаоллаштирмоқчи эканлигини маълум қилганди.
Бунга жавобан НАТО ва Европа Иттифоқи Эрдўғоннинг бу икки жараённи боғлаш истаги ўринсиз эканини таъкидлади. Кейинроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия Швециянинг альянсга киришини маъқуллашга рози бўлганини маълум қилди. Швеция, ўз навбатида, Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилишини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Изоҳ (0)